Маънавият ва маърифатдир буюкликнинг қўш қаноти

Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олиб келган.  Шунингдек, куни кеча “Адиблар хиёбонида”ги Абдулла Орипов ҳайкали пойида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам талаба-ёшлар қалбида Ватанпарварлик, инсонийлик туйғуларини шакллантиришда адабиёт ва санъатнинг таъсирчан кучи қанчалик юқори эканлигини яна бир бор намоён этди. Ушбу тадбирда институт проректори Рузимурот Чориев, "Гидромелиорация" факультети декани Алишер Фатхуллаев, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов, тиббиёт фанлари номзоди, доцент  Шоира Орипова,  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филоглогия фанлари доктори Нурбой Жабборов, институт хотин-қизлар кенгаши раиси Зуҳра  Исмоилова, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этишди. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов – Ватанимиз руҳияти ва халқимиз тийнатини шеърларида акс эттирган серқирра шоирдир. Юртимиз кенгликларида бу улуғ инсоний қалб булоқларидан  қониб сув ичиш ва мангу офтоб нурларидан баҳра олишдек самимий истак, тоза ниятлар мавжи ортиб бораётгандек.

Факультетимиз талабалари томонидан тайёрланган адабий-бадиий дастур намойиш этилди. Улар даврани очгач, профессор Нурбой Жабборовга навбат берилди. У шоир ижодига хос ғоявий мавзулар ва жанрий хусусиятлар борасида ўз мулоҳазаларини билдириб, шоир қаламига мансуб бўлган айрим шеърларни адибнинг ғоявий нияти билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилиб талабаларга  етарли маълумотлар берилди. Сўнгра машҳур актёр Теша Мўминов микрофон қаршисига таклиф этилди. У Абдулла Ориповнинг "Соҳибқирон" драмасида ижро этган Амир Темур роли ва унинг ҳукмдорлик қудрати, унинг марказлашган давлат тузиш борасидаги ҳаракатларининг аҳамияти тўғрисида сўз юритиб, унинг монологидан парча ўқиб барчани таҳсинига сазовор бўлдилар. Кейин эса шоирнинг қизи иқтидорли тиббиёт ходими Шоира Орипова сўзга чиқди. Отасининг ҳаёти ва ижодиётига доир айрим маълумотларни келтириб ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Шоирнинг шеърлари ва достонлари ҳар жиҳатдан худди ана шундай олий мақом сифатларга эга ҳикматларга ўхшайди. Абдулла Ориповнинг китоблари қўлимиздан тушмайди. Киши қанча ўқимасин, тўймайди, зерикмайди. Қалбимизга сингиб кетган шундай шеърлари борки, улар биз ёшлардан кейин ҳам келгуси авлод учун олтин мерос бўлиб қолади. Абдулла Орипов ижодини она юрт, Ватан тушунчаларидан айро холда тасаввур қилиш асло мумкин эмас. Таъбир жоиз бўлса, меҳр - муҳаббат ва ҳикматга тўла бу ижодни шеъриятдаги Ватан, Ватандаги шеърият деб таърифламоқ ўринлидир. Бу ноёб қалб эгасининг ижодини ўрганиш биз ёшларга ғурур бағишлайди.  Абдулла Орипов ўзининг серқирра фаолияти, дадил сўзи, маънавий уйғоқликка даъват этувчи шеърлари билан халқимиз меҳрини қозона олди. Буюк шоирнинг ижодини ўрганиш, унинг янада маънавий қарашларини тараннум этишда биз ёшлар ҳам фаол иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз ва ҳеч ҳам изланишдан тўхтамаймиз.

“Гидромелиорация” факультетининг  Ёшлар билан ишлаш декан ўринбосари О.Ҳабибуллаев

ТИҚХММИ матбуот хизмати