Улкан аср қурилишига ташриф
Республикамизда, мамлакатнинг энергетик потенциалини оширишда гидроэнергетика соҳасида ҳам кенг миқёсда қурилишлар амалга оширилмоқда. Шундай қурилишлардан бири Пском дарёси ўзанига қурилаётган Пском ГЭСи қурилишидир. Пском ГЭСи ўзининг салмоғи бўйича Республикамизда энг баланд грунт тўғонли (тўғон баландлиги 200 м) иншоотлардан бири ҳисобланади. Шу кунларда мазкур қурилишда илк дала тадқиқотлари амалга оширилмоқда. Тажриба майдонида тўғоннинг 1:100 масштабдаги модели қурилган бўлиб, бу ерда таянч призмаси, сув ўтказувчи фильтрлар, ҳамда ядро материалининг сув ўтказиш қобилияти бўйича гидравлик жараёнлар ўрганилмоқда. Шу билан бирга грунт тўкиш технологияси, грунтларнинг физик-механик хоссалари, грунт қатлами қалинлиги, грунт зичлаш механизми бўйича тажрибалар ўтказилмоқда.
Ушбу тажриба ишларини “ГИДРОПРОЕКТ” АЖ ходимлари билан лаборатория мудири техника фанлари бўйича фалсафа доктори К. Назаров бошчилигида амалга оширмоқдалар. 2020 йил 29-июл куни “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари, докторант ва магистрантлари кафедра мудири проф.А.Арифжанов раҳбарлигида мазкур дала-тажриба майдонига ташриф буюрдилар. Кафедра ходимлари у ерда яратилган шароитлар ва тажриба ўтказиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида улар тажриба ўтказиш жараёнларида бевосита иштирок этдилар ва ўлчов ишларини олиб боришда мунтазам иштирок этиш режасини туздилар. Ташриф давомида кафедрада амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар мавзуси доирасида тўғоннинг сув ташлаш иншооти, бъефларни туташтиришда гидравлик жараёнлар ҳамда сув узатиш туннелларида юзага келадиган гидростатик ва гидродинамик жараёнларнинг алоҳида масалалари бўйича соҳа мутахассислари ва қурувчилар билан давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур ташриф бир томондан Институт ректори У.Умурзаков ва “ГИДРОПРОЕКТ” АЖ директори А.Ахмедов қўшма буйруғи билан тасдиқланган “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедрасининг “ГИДРОПРОЕКТ” АЖ даги филиали фаолиятининг узвийлигини таъминласа, иккинчи томондан соҳа бўйича рақобатбардош кадрлар таёрлашда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг тизимли давоми бўлиб хизмат қилади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича амалга оширилаётган бу ишлар Ўзбекистон Президентининг 10 июл 2020 йилдаги ПФ-6024-сонли фармони билан тасдиқланган ”Ўзбекистон республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси” да белгиланган вазифаларни руёбга чиқаришда бошланғич амалий қадамлар ҳисобланади.
@ILOVETIIAME