Келажакка дахлдор кўргазмали тадбир
Илм - фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси қай даражада уйғун бўлса, тараққиёт ва инновацион ғояларнинг равнақи ҳам шунчалик юксалиб боради. Шундай экан, ана шу ғоя ва мақсад билан ташкил этиладиган тадбир ва анжуманларнинг аҳамияти катта.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда «ПАРКЕНТСУВҚУРИЛИШ» ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси”га бағишланган кўргазмали тадбир эътиборга молик бўлди. Институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич тадбирни бошқариб бориш асносида ўзларининг инновацион ихтиролари билан келган меҳмонларни табриклаб қўллаб-қувватладилар. Жумладан, ушбу ҳамкорликнинг ишлаб чиқаришга кенг жорий этилиши сув хўжалигида катта ютуқларга сабаб бўлиши таъкидлаб ўтилди.
“Паркентсувқурилиш” ташкилоти жамоаси номидан Червяков Владимир Дементьевич умумий раҳбар таъсисчи сифатида, Сафёлькин Алексей Валерьевич бош директор, Олломурод Исакулов аппарат раҳбари сифатида иштирок этиб ўз мулоҳазаларини ва миннатдорликларини изҳор қилдилар. Шунингдек, “МЕГАПЛАСТ” масъулияти чекланган жамияти номидан директор Шальнев Александр Анатольевич, молиявий директор ва таъсисчи Новиков Юрий Анатольевичлар пластмасса лоток (тарнов)ларнинг кашф этилиши ҳам қишлоқ ва сув хўжалигида катта имкониятлар эшигини очишини эътироф этиб ҳамкорликдан мамнунликларини билдирдилар.
Ректор ўз сўзида бугунги тадбир бевосита Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги 3702-сонли “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда куни кеча 2018 йил 24 октябр куни олий таълим тизимини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифаларга қаратилгани билан моҳиятли эканини уқтириб ўтдилар. Иккала томон ўртасида тузилган шартнома ана шу борадаги ҳаракатларнинг амалий натижаси бўлди дейиш ўринлидир.
Беш йил муддатга тузилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартномасига мувофиқ "Паркентсувқурилиш" базаси замирида Республика сув хўжалиги учун замонавий малакали, иш кўзини биладиган, янгича ёндашув ва технологиялар асосида амалий тарзда иш юрита оладиган кадрларни тайёрлаш асосий мақсад қилиб қўйилгани қувонарлидир.
Замонавий мутахассисларни институтнинг битирувчи талабалари орасидан кўрик танлов асосида саралаб олиш, фанни ишлаб чиқариш билан боғлиқлигини таъминлаш, ҳар йили илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишлари, лойиҳаларини намойиши ва институтнинг моддий-техник базаси негизида талабаларни биринчи курсдан бошлабоқ ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш масалалари ҳам шартномада ўз ифодасини топган.
Шунингдек, «PARKENTSUVQURILISH» ташкилоти ҳамкорликдаги ишчи гуруҳ қарорига мувофиқ учта энг яхши талаба учун 5 000 000 сўмдан, жами 15 000 000 сўм пулни ажратишни ўз зиммасига олди.
Шунингдек, ўтказилган кўрик танловга асосан танланган номзодга фоизсиз ўттиз йил муддатга узайтирилган яшаш жойи учун юз миллион сўм ажратиш, ҳар ўқув йилида талабалар орасида "Йил инноватори" танловини ташкил этишга ҳомийлик қилиш каби вазифалар ҳам улар томонидан бўлиши шартномада қайд этилган.
Биргаликда "Ирригация ва мелиорация" музейини ташкил қилиш ҳам келишиб олингани эътиборга молик бўлди.
Илм шунчаки, фан учун, илмий рисола ёки монографиялар учун эмас, балки у ишлаб чиқариш билан бевосита боғланиши зарур. Илм ҳаётга, ишлаб чиқариш жараёнига хизмат қилмас экан, унинг қиймати йўқ. Илмнинг кучи унинг амалга кўчишида.
Бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жадаллик билан жорий этилаётган замонавий интенсив, сув тежамкор технологиялар ҳамда илғор тажрибалар ўқув жараёнига тадбиқ этиш, таълим йўналишлари бўйича замонавий талаблар асосида яратилган ўқув-меъёрий ҳужжатлар ва ўқув-лаборатория базасини мустаҳкамлаш ҳисобига талабаларга замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш мумкин.
Гувоҳи бўлганингиздек, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти Республикамиз сув хўжалиги тизими учун малакали кадрлар тайёрлайдиган Олий таълим муассасаси сифатида, тайёрланаётган кадрларни сифатини ошириш, замонавий талаблар даражасида таълим-тарбия беришда фойдаланилаётган ўқув-илмий лаборатория базаси шакллантирилган.
Маълумки, талабани ҳар томонлама камол топтириш ва етук кадр даражасида тайёрлаш жараёни бир-бирига узвий боғлиқ бўлиб, у боғча, мактаб, лицей, колледж, олий ўқув юрти, докторантура, малака ошириш тизимини қамраб олувчи бир умрлик таълим занжирини бир-бирига боғлайди.
Бу борадаги саъйи-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, шу йилда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан ҳамкорликда “Инновациялар ва илмий тадқиқотлар кластери” ташкил қилинди. Ушбу кластерда иқтидорли талабалар ва ёш олимлар ўзларининг инновацион ишланмаларини амалиётга жорий қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Институт жамоаси таълим тарбия жараёнида сувга бўлган эътиборини тубдан ўзтириш, сув хўжалиги соҳасига юқори малакали замонавий мутахассисларни тайёрлаш, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш каби муҳим вазифалар устида кенг миқёсдаги илмий тадқиқот ишларини олиб бориб натижалари босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда.
Ректор, жумладан, тадбир қатнашчиларига қарата “Бугун биз илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мазмун моҳият жиҳатдан, янги ғоялар асосида “Паркентсувқурилиш” МЧЖ ҳамкорлигида янада кенгайтириш доирасида навбатдаги қадамни қуймоқдамиз десак муболаға бўлмайди” - дея ўз мулоҳазаларини билдириб - соҳа тараққиётини илм билан боғлаб ўрганган изланувчан, интеллектуал салоҳиятли мутахассислар биз учун умид ва ишонч, қутлуғ қадам ва ёруғ келажак” бўлишини эътироф этдилар. Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, ушбу интеграцион ҳамкорлик янги ғоя ва инновацияларга кенг йўл очади.
ГМ факультети декан ўринбосари Хайрулло Тўйчиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов