Рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига қўйилган яна бир қадам

2020 йил кузининг илк ҳафтасида “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва докторантлари Фарғона водийсида жойлашган бир қатор гидротехник иншоотлар жумладан, Қўқон гидроузели, Катта Фарғона канали ҳамда Чортоқ сув омборига ташриф буюриб, иншоотларнинг техник ва эксплуатацион ҳолати билан танишдилар.  Ташриф давомида гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатига таъсир кўрсатувчи омиллар, яъни иншоотлар ўзанидаги фильтрация ва лойқаланиш бўйича маълумотлар тўплаш асносида сув омборидаги фильтрацияни кузатиш имконини берувчи пъезометрлар ва сув зарбини камайтирувчи иншоотлар билан танишиб чиқдилар.

Сув омборидаги ва каналлардаги сувнинг лойқалик миқдорини, уларнинг фракцион таркибини ўрганиш мақсадида  сувдан намуналар олинди ҳамда сув омбори ва бошқа гидротехник иншоотларнинг чекка қирғоқлари координаталари ва абсолют баландлик нуқталари Garmin GPS қурилмаси ёрдамида аниқланди.

Кафедрада амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар мавзусига оид гидравлик жараёнларнинг алоҳида масалалари бўйича соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдилар. Гидротехник иншоотларда юзага келадиган гидравлик жараёнлар ва улардан фойдаланиш тартиблари ҳамда фойдаланиш муддатини узайтириш борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар. Мазкур ташриф соҳа бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг тизимли давоми бўлиб хизмат қилади.

ТИҚХММИ матбуот хизмати