Институтга илк қадам

Билимини синовдан ўтказиб, муваффақият қозониб ўзига ва интеллектуал салоҳиятига  ишонч билан таълим муассасасига қадам қўйиш, талаба бўлиш ҳам улкан ютуқ.  Ҳар бир давлатнинг истиқболи, халқининг иқболи, ёруғ келажаги муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ибораси билан айтганда, “эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи ва таянчи, келажак бунёдкори” бўлган ёшларга боғлиқэкан, чинакам билим ва истеъдоднинг сараланиши катта аҳамият касб этади.  Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг таълим ва тарбиясига, уларнинг ҳар томонлама мукаммал ва баркамол бўлиб етишишлари учун  кенг шароитлар, имконият ҳамда имтиёзлар яратилган ва яратилмоқда. Мустақил давлатимизнинг барқарорлиги, халқаро майдондаги нуфузи ҳам мустаҳкам билими ва инновацион ихтироси, интеллектуал салоҳияти билан ажралиб турувчи ёшларнинг онгу шуури, тафаккур олами, дунёқарашини ўстиришга дахлдорлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Марказий Осиёда катта нуфузга эга бўлган Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига илк қадамини қўйиб биринчи курс талабаси деган шарафга эга бўлган ёшларимизни қутлаш мақсадида 2020 йил 12 октябрь куни соат 11:00 да институт раҳбарияти ва биринчи босқич талабалари билан онлайн учрашув ҳамда биринчи курс мактаби очилиш тадбири ташкил этилди. Тадбирнинг модератори сифатида институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурат Чориев олиб борди. Дастлабки сўз институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевичга берилди. Улар ташланган илк қадамнинг хосияти ҳақида сўз юритиб, таълим муассасасида дарс берадиган профессор-ўқитувчиларнинг маърузалари ва топшириқларини ўз вақтида бажариб борган аълочи талаба институт ифтихорига айланишини қайд этдилар. Сўнгра биринчи босқич талабаларига институт раҳбариятини таништирдилар.

Онлайн учрашувда барча проректорлар, бўлим ва марказ бошлиқлари,  факультет деканлари,  декан муовинлари,  жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда барча биринчи босқич талабалари,  уларнинг оила аъзолари, бир сўз билан айтганда, мингдан зиёд иштирокчилар қатнашишди. Ҳозирги кунда институтимизда ҳам таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, жаҳондаги илғор олий таълим муассасалари билан икки томонлама диплом дастурини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий педагогик кадрларни тайёрлаш тизими изчиллик билан йўлга қўйиб борилаётгани, бу эса инновацион ҳамкорлик ва инвестицион фаолиятларда ўзининг ижобий натижаларини бераётгани борасида сўз борди.

Институтда Япония, Хитой, Германия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида халқаро конференцияларнинг ўтказиб турилиши, қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳасининг тараққиётини илм билан боғлаб ўрганган изланувчан, интеллектуал салоҳиятли талабалар кенг имконият ва имтиёзлар борлиги ҳам қайд этилди. Тадбир давомида институт ҳаёти билан боғилқ видеороликлар намойиш этилди. Онлайн учрашув мазмунли тарзда ўтгани билан характерланди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати