Аянчли кунлар шоҳиди “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, мамлакатда Биринчи Президент И.А.Каримов раҳбарлигида амалга оширилган хайрли ишлардан бири чор ва Совет мустамлакачилиги йилларида бегуноҳ қурбон бўлган, ўтган асрнинг 30-50 йилларида “халқ душмани” сифатида қатағон этилган ва шу сабабли номлари ўзбек халқи ҳамда маданияти тарихидан ўчириб юборилган сиймолар хотирасини абадийлаштириш орқали тарихий адолатни тиклаш бўлди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. А. Каримовнинг 2001 йил 1 май санали “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармони асосида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди. Музей 2002 йил 31 августда–мамлакатда илк бор нишонланган “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”да тантанали равишда очилди.
Ёдгорлик мажмуи ва музей барпо этилган жой ХХ асрнинг 20-йилларидан то Иккинчи жаҳон уруши бошлангунига қадар Совет давлатининг жазо органларига қатлгоҳ бўлиб хизмат қилган. Тошкент шаҳрида отилган қатағон қурбонлари шу ердаги учта қатлгоҳга дафн этилганлар. Ёдгорлик мажмуи ана шу собиқ уч қатлгоҳ ҳудудларини ўзаро бирлаштириб туради. Агар рамзий сағана ёдгорлик мажмуининг мемориал маркази ҳисобланса, музей биноси унинг маърифий маркази бўлиб хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида жойлашган мазкур “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва "Қатағон қурбонлари" музейига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институтининг “Гидромелиорация” факультети “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси ассистенти Т.У.Апакхужаева мураббийлик гуруҳи “Сув хўжалиги ва мелиорация” йўналиши 307-гуруҳ талабалари билан биргаликда 2020 йил 7 март куни ташриф буюришди. Ушбу “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи каби мўътабар масканлар, зиёртгоҳлар бугунги тинч ва хотиржам ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка оғир йўқотишлар ва машаққатлар эвазига эришилганлигини мушоҳада этишга, ёш авлоднинг қалби ва шуурига ватанпарварлик ҳиссини янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Талабалар ушбу ташриф натижасида ватанпарварлик, эзгулик, тўкин-сочинликка тўла, тинч ҳаёт қадри тўғрисида фикрлар билдириб, ўзларига керакли хулосалар билан қайтдилар.